Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) аудиторлари Ўзбекистон Республикасида навбатдаги аудит текширувини ўтказмоқда
Ўзбекистон Республикасида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича назоратни ташкил этиш устидан навбатдаги аудит текширувини ўтказиш мақсадида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) аудиторлари Ўзбекистонга ташриф буюришди.
Режага асосан, ИКАО аудиторлар гуруҳи жорий йилнинг 17 – 29 май кунлари “Ўзавиация” агенлигида текширув олиб бориши, шунингдек,
шу давр мобайнида "Uzbekistan Airways" АЖ ва унинг бўлинмаларига, "Ўзаэронавигация" ДУК марказига, "Panorama Airways" ва "Humo Air" авиакомпанияларига, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказига ташрифи режалаштирилган.
ИКАО аудиторлари Ўзбекистонда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизими ишлашини баҳолаш мақсадида комплекс текширув ўтказадилар, хусусан, ташриф доирасида авиакомпанияларда, шуниндек, Тошкент ва Самарқанд аэропортларида ИКАО стандартлари талабларининг амалий бажарилишини текширадилар.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу аудит фуқаро авиацияси соҳасида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тизимини баҳолашнинг энг муҳим объектив воситаларидан бири ҳисобланади.
ИКАО аудитидан муваффақиятли ва юқори даражада ўтиш Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, миллий авиакомпанияларимизнинг жаҳон бозорида фаолият юритишини давом эттириш учун йўл очиб беради ва давлат имиджини кўтаради.
Жорий йилнинг 28 май куни ИКАО аудиторлари гуруҳи томонидан текширув натижалари бўйича дастлабки ҳисобот тақдим этилади.