«Ямал» авакомпаниясининг Москва – Наманган – Москва парвозининг бекор қилиниши юзасидан
Йўловчиларнинг ҳуқуқлари ва ташувчининг мажбуриятларига риоя этишни таъминлаш мақсадида "Ўзавиация" агентлиги томонидан авиакомпанияларга Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини амалга ошириш учун ваколатли орган “Ўзавиация” агентлигидан тегишли рухсатнома олмасдан туриб авиачипталарни сотиш амалиётини тугатиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган.
«Ямал» авиакомпанияси ушбу огоҳлантиришга қарамай тегишли рухсатномани олмасдан туриб қўпол равишда талабларни бузиб жорий йилнинг 13 октябрь кунига Москва – Наманган – Москва йўналишларида чартер парвозлари учун авиачипталар сотувини ташкил этган. Натижада авиачиптада кўрсатилган вақтда йўловчилар аэровокзалларга келишган ва белгиланган йўналишда парвознинг бажарилмаслиги йўловчилар ўртасида ижтимоий кескинликка олиб келган.
Шунга қарамай, вазиятни инобатга олган ҳолда “Ўзавиация” агентлиги авиакомпанияга зудлик билан ушбу рейсни амалга оширишга рухсат олиш учун сўровнома беришни таклиф қилди, бироқ авиакомпания экипажнинг иш вақти тугагани ва бошқа экипажлар йўқлиги сабаб парвозни амалга оширишдан бош тортди.
Шу муносабат билан “Ўзавиация” агентлиги томонидан «Ямал» авиакомпаниясига чартер парвозларни ташкиллаштиришда Ўзбекистон Республикаси талабларига катъий риоя этилиши шартлиги тўғрисида огоҳлантириш юборилган. Авиакомпания томонидан бундай ҳолат такрорланган тақдирда “Ўзавиация” агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган чоралар кўрилади.
Шу ўринда йўловчилар ва авиакассалар мутасаддиларидан авиачипталарни сотиб олиш ёки сотишдан олдин "Ўзавиация" агентлиги веб-сайтининг бош саҳифасидаги "Ахборот жадвали" бўлимида (https://uzcaa.uz/uz) режалаштирилган чартер парвозларининг ҳолати билан танишиб чиқишни тавсия этамиз.