Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда “FAF 2024” учинчи Xалқаро авиация форуми бўлиб ўтмоқда
Ҳозирда Ар-Риёдда Саудия Арабистони Қироллигининг фуқаро авиацияси бош бошқармаси томонидан ташкил этилган “FAF 2024” учинчи халқаро авиация форуми бўлиб ўтмоқда.
Форум авиация соҳасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш, ҳаво транспортини барқарор ривожлантиришда инновацияларни тадбиқ этишга бағишланган.
Ушбу форумда Саудия Арабистони Қироллиги авиация маъмурияти раҳбарининг шахсий таклифига биноан Т. Назаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Форум доирасида “Ўзавиация” агентлиги директори Хитой ва Бангладеш авиация маъмуриятлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.
Хитой делегацияси билан жорий йилнинг июнь ойида Сиан шаҳрида (Хитой) ўтказилиши режалаштирилган фуқаро авиацияси конференсияси доирасида Ўзбекистон ва Хитой авиация маъмурлари ўртасида музокараларнинг 2-босқичини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашув давомида Бангладеш томони Ўзбекистон делегациясига икки томонлама ҳаво қатнови тўғрисидаги Битимни имзолаш бўйича келишиш тартиб-таомиллари якунлангани ҳақида маълумот берди.
Шу муносабат билан томонлар ушбу ҳужжатнинг имзолаш санаси ва жойини белгилашга келишиб олдилар.