Она тилим-ғурурим, фахрим!
Тил нафақат муомала воситаси, балки халқнинг маънавияти, маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихи, энг муҳими мустақиллик белгисидир.Дунёда 7 мингдан ортиқ тиллар муомалада бўлиб, дунё аҳолисининг 90 фоизи 70 та тильда сўзлашади. 200 та тил давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Бугунги кунда дунёнинг 50 миллиондан ортиқ аҳолиси ўзбек тилида сўзлашиб, бу тильда сўзлашувчилар сони бўйича дунёда 27-ўринда туради. 6 та (ўзбек, турк, қозоқ, қирғиз, озарбайжон, туркман, уйғур) барқарор туркий тиллардан бири ҳисобланади. Ўзбек тили дунёнинг 60 дан ортиқ университетларида, 200 дан ортиқ мактабларида ўқитилади.
Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир. Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қуришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.
Бугун Ўзбекистонимиз «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.
Миллий тилимизга, она тилимизга бўлган эътибор, нафақат бугунги кунда, балки тарихнинг барча даврларида ҳам долзарб аҳамият касб этиб келган. Шу ўринда боболаримиз айтган қуйидаги пурмаъно фикрларни эслайлик: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадургон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур» (М.Беҳбудий).