Парвозлар хавфсизлиги куни
Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси парвозлари хавфсизлигини таъминлаш Давлат дастурига асосан 2022 йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Республикасининг авиакомпаниялари ва фуқаро авиацияси ташкилотлари вакиллари иштирокида “Ўзавиация” агентлиги директори Т.Назаров бошчилигида навбатдаги “Парвозлар хавфсизлиги куни” бўлиб ўтди.
2021 йилда парвозлар хавфсизлигининг 2020 йилга нисбатан умумий ҳолати ва сўнги беш йил мобайнида парвозлар хавфсизлиги бўйича статистик маълумотлар муҳокама қилинди, 2021 йилда авиация ҳодисаларига олиб келган “инсон омили”нинг салбий таъсири билан боғлиқ авиация инцидентларининг ҳолати ва сабаблари ҳақида ахборот берилди. Ҳаво кемаларининг экипажлари томонидан нуқсонлар ва қоида бузилишларининг такрорланиши, ҳаво кемаларини бошқариш ва стандарт жараёнларнинг бажарилишига алоҳида урғу бериб ўтилди. Ҳаво кемаларининг парвоз пайтида қушлар билан тўқнашуви ҳамда учиш-қўниш йўлаги, перрон ва аэродромлардаги тўхташ жойлари ҳолати билан боғлиқ ҳодисаларга ҳам эътибор қаратилди.
“Uzbekistan Airways”АЖ, “Uzbekistan Airports”АЖ, “Ўзаэронавигация” маркази ва “UAT” МЧЖ корхоналарида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди. Парвозлар хавфсизлигини ошириш юзасидан тавсиялар ва таклифлар берилди.
“Парвозлар хавфсизлиги куни” натижаларига кўра 2022 йилда парвозлар хавфсизлигининг қониқарли даражасини сақлаб қолиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.