Мюнхен шаҳрида 23-халқаро “Inter Airport Europe-2021” кўргазмаси бўлиб ўтди
2021 йилнинг 9-12 ноябрь кунлари Мюнхен шаҳрида (Германия) аэродромларга техник хизмат кўрсатиш, махсус техника, технологиялар, аэропортлар ва аэродромларни лойиҳалаш бўйича “Inter Airport Europe-2021” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди ва «Ўзавиация» агентлиги мутахассислари илк бор халқаро кўргазмада иштирок этишди. «Inter Airport Europe» ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади.
Кўргазманинг асосий мақсади иштирокчилар ва ташриф буюрувчиларга илғор инновациялар ва илғор технологик ечимлар ҳақида энг тўлиқ маълумот беришдан иборат. Ушбу экспозиция аэропортлар ва технологик хизматларнинг қулай ва хавфсиз ишлашини таъминлаш учун зарур бўлган маҳсулотлар турларининг кенглиги билан ажралиб туради. Ҳар йили ушбу кўргазмада дунёнинг 600 дан ортиқ компаниялари иштирок этишади.
Бу ерда дунёнинг кўплаб аэропортлари, авиакомпаниялари ва ердаги хизматларнинг харидорлари, сотувчилари, маслаҳатчилари ва тизим интеграторлари учрашади.
«Inter Airport Europe» ҳаво техникасини ривожлантириш, аэродромлар ва терминаллар учун жиҳозлар, аэродром хавфсизлиги ва самолётларга техник хизмат кўрсатиш каби масалаларни қамраб олади.