Транспорт вазирлиги ҳамда “Ўзавиация” агентлиги делегацияси ИКАО симпозиумида иштирок этмоқда
Ўзбекистон делегацияси 2023 йил 30 майдан 1 июнгача Корея Республикасининг Сеул шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) томонидан ташкил этилган ИКАО стандартларини тадбиқ этишни қўллаб - қувватлаш бўйича умумжаҳон симпозиумда иштирок этмоқда.
Ушбу тадбир авиация барқарорлиги, сўнгги рақамли воситалар, асосий ташаббуслар, барқарор ривожланиш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишдаги давлатларнинг таклиф ва мулоҳазаларини муҳокама қилиш мақсадида ИКАОнинг Жаҳон авиация форуми (IWAF), Умумжаҳон авиация ҳамкорлик симпозиуми (GACS) ва TRAINAIR PLUS Умумжаҳон авиация ўқув ва малака ошириш дастурини ва симпозиумини бирлаштиради.
Симпозиум доирасида Ўзбекистон делегацияси халқаро авиация стандартларини самарали амалга оширишдаги давлатлараро, минтақавий ва умумжаҳон стратегиялар муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида иштирок этди. Давра суҳбати иштирокчилари ИКАОнинг халқаро фуқаро авиацияси ривожланишида ва барқарорлиги йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда авиация ҳодимларининг малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.