Тошкент давлат транспорт университетининг ўқитувчи ва талабалари билан учрашув бўлиб ўтди
Бугун 2022 йил 8 июнь куни «Ўзавиация» агентлигида Тошкент давлат транспорт университетининг ўқитувчи ва талабалари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда «Ўзавиация» агентлиги логотипини ишлаб чиқиш бўйича университет томонидан эълон қилинган танлов натижалари сарҳисоб қилинди. Ғолиблар, ТДТУ талабаларига миннатдорчилик билдирилди ҳамда улар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Учрашувнинг иккинчи ярмида фуқаро авиацияси учун учувчилар тайёрлаш, фуқаро авиацияси ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун тегишли сертификат олиш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. ТДТУ талабаларининг «Ўзавиация» агентлигида амалиёт ўташи, талабаларни фуқаро авиацияси фаолиятини тартибга солувчи зарур ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар билан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам ишлаб чиқилди.
Фуқаро авиациясида мавжуд ва янги мутахассисликлар бўйича маълумотлар базасини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунлари бўйича фуқаро авиацияси тизимида кадрлар тайёрлашни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, фуқаро авиациясида амалдаги зарур меъёрий-ҳуқуқий базани таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича келишувларга эришилди.
Учрашув жонли мулоқот ва ўзаро манфаатдорлик муҳитида ўтди.