Парвозлар хавфсизлиги куни
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 декабрдаги 346-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси парвозлари хавфсизлигини таъминлаш Давлат дастури”га асосан 2021 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиацияси авиакомпаниялари ва ташкилотлари вакиллари иштирокида “Парвозлар хавфсизлиги куни” ўтказилди.
“Парвозлар хавфсизлиги куни”ни “Ўзавиация” агентлиги директори Т.Э.Улжаев очиб берди ва иштирокчиларни кун тартиби билан таништирди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги авиация ҳодисалари ва можароларини текшириш Бошқармасининг бош мутахассиси Н.Р. Салихов 2020 йилда парвозлар хавфсизлигининг 2019 йилга нисбатан умумий ҳолатини тавсифлаб берди. 2020 йилда авиация ҳодисаларига олиб келган асосий омилларни қайд этди, “Инсон омили”нинг салбий таъсири билан боғлиқ авиация инцидентларининг ҳолати ва сабаблари хақида қисқача эслатиб ўтди. Авиация инцидентларининг такрорланиш холатларига тўхталиб ўтди. Ҳаво кемаларнинг парвозда қушларга тўқнашиши билан боғлиқ авиация инцидентларига эътибор қаратди. “Инсон омили”нинг салбий таъсири билан боғлиқ бўлган авиация ҳодисаларини камайтириш учун кескин чоралар кўришни ва орнитология таъминотига назоратни кучайтиришни таклиф қилди.
“Ўзавиация” агентлигининг бўлим бошлиғи Р.М. Нишонов сўнгги беш йил ичида парвозлар хавфсизлиги бўйича статистик маълумотларни келтирди. 2020 йил якунлари асосида парвозлар хавфсизлиги ҳолатига баҳо берди, экипажнинг ҳаракатлари билан боғлиқ авиация ҳодисаларига алоҳида эътибор қаратди (“Инсон омили”нинг салбий таъсири), ҳаво кемаларининг экипажлари томонидан хатолар ва қоидабузилишларининг такрорланишига алоҳида урғу бериб ўтди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиацияси ташкилотлари “Uzbekistan Airways” AЖ, “Uzbekistan Airports” AЖ, “Ўзаэронавигация” маркази ва “UAT” МЧЖ вакиллари сўзга чиқишди. Улар ўз чиқишларида ташкилотларининг парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятига баҳо бердилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тавсиялар ва таклифлар бериб ўтдилар.
“Парвозлар хавфсизлиги куни” натижаларига кўра 2021 йилда парвозлар хавфсизлигининг қониқарли даражасини сақлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.