Ўзбекистон делегацияси иккинчи ИКАО симпозиуми доирасида бир қатор учрашувлар ўтказди
30 майдан 1 июнгача Кореянинг Сеул шаҳрида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) стандартларини тадбиқ этишни қўллаб - қувватлаш бўйича умумжаҳон симпозиуми (GISS) бўлиб ўтмоқда, унда ИКАО Бош котиби, ИКАОга аъзо давлатларнинг транспорт вазирлари, авиация маъмурлари раҳбарлари ва бошқа авиация соҳаси вакиллари иштирок этмоқдалар.
Ўзбекистон делегациясидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илхом Махкамов ва “Ўзавиация” агентлиги директори Тохир Назаров иштирок этмоқдалар.
Ўзбекистон делегацияси Симпозиум доирасида ИКАО Бош котиби Хуан Карлос Салазар, ИКАО техник ҳамкорлик бюроси директори Хорхе Варгас ва ИКАОнинг минтақавий директори Николас Ралло билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Учрашувларда углерод чиқиндиларини камайтириш, Ўзбекистоннинг ИКАО билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва фуқаро авиацияси ходимларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.