ИКАОнинг халқаро ҳаво ташувлари бўйича музокараларга бағишланган ICAN2024 тадбири бўлиб ўтмоқда
Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ИКАО томонидан 21-25 октябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган ИКАОга аъзо давлатларнинг “Авиация маъмуриятлари” ўртасида халқаро авиаташувлар бўйича келишувга эришиш юзасидан ташкиллаштирилган ICAN-2024 тадбири қизғин тусда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз тадбирда 100 га яқин мамлакатлар ўртасида пандемиядан сўнг авиақатновларни қайта тиклаш ҳамда парвозлар географиясини ошириш, авиация соҳасини мамлакат иқтисодиётининг драйверига айлантириш мақсадида музокаралар олиб борилмоқда.
Денгизга чиқиш имконияти чекланган ҳамда узоқ масофаларга йўловчи ташиш бўйича авиация соҳаси ягона транспорт тури сифатида қараладиган Ўзбекистон учун бу улкан имконият.
Тадбирда Транспорт вазирлиги делегациясига Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Ўзавиация” агентлиги директори Тоҳир Назаров бошчилик қилмоқда.
Ўтказилиши режалаштирилган учрашувлар хажми ҳамда имзоланиши кутилаётган давлатларо ҳужжатлар аҳамиятини инобатга олган ҳолда делегация таркибига Ташқи ишлар вазирлигидан Шартнома ҳуқуқ бошқармаси икки томонлама шартномалар бўлими бошлиғи Илҳомжон Абдраимов бириктирилган.
Бугунги тадбирда Саудия арабистони ҳамда Ўзбекистон авиация маъмуриятлари ўртасида авиақатновлар тўғрисидаги янги битим имзоланди. Саудия томонидан мазкур хужжатни Саудия Арабистони фуқаро авиацияси маъмурияти президенти Адулазиз Ал-Дуалеж, Ўзбекистон томонидан “Ўзавиация” агентлиги директори Тоҳир Назаров имзолади.
Шу кунга қадар икки мамлакат ўртасида авиақатновлар қисман мунтазам ва асосан чартер асосида амалга ошириб келинган. Мазкур янги битим икки давлат ўртасида ҳафталик мунтазам авиақтановларни 50 тагача ошириш, умра зиёрати бўйича юзага келган муаммоларни бартараф этиш, авиақатновларда янги тартибни жорий этиш, авиакомпанияларнинг йўловчилар олдида масъулиятини ошириш, шунингдек, ҳар икки мамлакат авиакомпанияларини чартер парвозларини амалга оширишда тўланиши талаб этиладиган роялти божларидан озод этиш каби янги тартибларни ўз ичига олади.
Мазкур битим сўнгги икки йил давомида икки мамлакат Транспорт вазирликлари ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари томонидан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтитсодий ҳамкорликни ҳамда транспорт логистикасини, шунингдек, Ўзбекистонда кенг йўлга қўйилаётган “Зиёрат-туризмини” янада ривожлантириш учун хизмат қилади.
Айни вақтда делегация томонидан берилган маълумотларга кўра “Ўзавиация” агентлиги директори Тоҳир Назаров томонидан янги йўналишларда авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича Иордания ҳамда авиақатновлар ҳажмини янада ошириш бўйича Қувайт билан келишувлар имзоланиши ҳамда бу икки мамлакатлар билан авиақатновлар тўғрисидаги янги битимларни парафирланиши кутилмоқда.