Фуқаро авиацияси соҳасида тизимли ислоҳотларни давоми

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан соғлиқни сақлаш, ижтимоий сиёсат, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, транспорт каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, шу жумладан, фуқаро авиацияси соҳасидаги тизимли ислоҳотларга ҳам.

Ўзбекистоннинг ICAO (Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) олдидаги мажбуриятларини бажариш мақсадида, шунингдек, авиация хизматлари сифатини ошириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, авиация соҳасини техник жиҳатдан тартибга солиш, рақобатни ривожлантириш ва авиаташувлар бозорини либераллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 октябрдаги Фуқаро авиацияси соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-193-сон Фармони қабул қилинди.

Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси соҳасини 2030 йилгача ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари, соҳасининг тартибга солувчи асосий йўналишлари ва ислоҳотларни изчил давом эттириш белгиланди.

 

Бундан ташқари, мазкур фармонда парвозлар хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўйича юклатилган вазифа ва функцияларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ICAO олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажариш мақсадида “Ўзавиация” агентлигининг бошқарув ходимларини кўпайтириш ва қўшимча вазифаларни юклаш назарда тутилган.

Фармоннинг амалга оширилиши парвозлар хавфсизлиги чоралари ва хавфсизлик маданиятини кучайтирилишини, авиация хизматлари сифати оширилишини ва йўловчилар учун қулай шароитлар яратилишини, жаҳон авиация тизимига интеграциялашган замонавий ва рақобатбардош авиация тармоғини яратилишини ҳамда инвесторлар ва халқаро ҳамкорлар учун қулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди.

Фармон - фуқаро авиацияси соҳасида миллий ва халқаро мақсадларга эришиш йўлидаги асосий босқич бўлиб, халқаро ташкилотлар, тармоқ ҳамкорлари ва авиаташувчилар билан ҳамкорликда парвозлар хавфсизлиги, самарадорлиги ва очиқлиги даражасини ошириш учун кенг имкониятлар яратиб берди.