"Ўзавиация" агентлиги ва "Қозоғистон авиация маъмурияти" АЖ ўртасида авиация хавфсизлиги масаласи бўйича учрашув
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 майдаги “Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-5472-сонли фармойиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан тасдиқланган Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси авиация маъмуриятлари ўртасида 2019-2020 йилларга авиация хавфсизлигини таминлаш ва парвозларни қидирув ва қутқариш соҳасида тажриба алмашиш ва ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги “Йўл харитаси” ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 5 июлдан 9 июлгача “Ўзавиация” агентлиги томонидан “Қозоғистон авиация маъмурияти” АЖнинг юқорида қайд этилган “Йўл харитаси”га мувофиқ, авиация хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тажриба алмашиш ва икки томонлама ҳамкорлик қилиш делегацияси қабул қилинди.
Икки томонлама ишчи учрашувда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:
- Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари томонидан ишлаб чиқилган авиация хавфсизлиги бўйича норматив ҳужжатларни Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) тўғрисидаги Конвенциянинг 17-иловаси (Хавфсизлик) стандартлари ва тавсия этилган амалиётларига мувофиқлиги ўрганилди;
- Қозоғистон Республикасининг АҚШга тўғридан-тўғри қатновларни очиш истаги доирасида АҚШнинг транспорт хавфсизлиги бошқармаси (Transportation Security Administration (TSA)) томонидан Ўзбекистон Республикасида ўтказилган аудитлари ва уни ўтказиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг улғор тажрибаси Қозоғистон мутахассислари томонидан ўрганилди;
- Хавф омилларини эрта аниқлаш, баҳолаш ва тезкор аниқлаш масалаларини ўрганиш бўйича маслаҳат ва тажриба алмашиш ҳамда авиация хавфсизлиги бўйича аниқланган таҳдидларни маҳаллийлаштириш;
- Фуқаро авиациясида Авиация хавфсизлиги хизмати ходимлари ва Авиация хавфсизлиги хизматига алоқадор бўлмаган ходимларни дастлабки тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимлари ўрганилди;
- Авиация хавфсизлиги соҳасида сифатни назорат қилиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар;
- Назорат қилинадиган ва қўриқланадиган ҳудудларга киришни назорат қилиш, аэропортларда авиация хавфсизлиги учун текшириш тартиб-таомилларини амалга ошириш.
Учрашув давомида “Ўзавиация” агентлиги ва “Қозоғистон авиация маъмурияти” АЖ мутахассислари томонидан авиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўзларида қўлланиладиган чора-тадбирлар билан еғилиш иштирокчиларини таништириш мақсадида электрон тақдимотлар намойиши бўлиб ўтди.
Қозоғистон Республикаси делегацияси “Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти”га ташриф буюрди ва авиация хавфсизлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашинилди.
Икки томонлама учрашув натижасида қуйидаги йўналишлар бўйича келишувга эришилди:
- 2021-2023 йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси авиация маъмуриятлари ўртасида авиация хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш ва имзолаш;
- “Ўзавиация” агентлиги “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Uzbekistan Airwаys” АЖ билан биргаликда Қозоғистонга АҚШга тўғридан-тўғри қатновларни очишга тайёргарлик кўришда методик ёрдам кўрсатиш;
- Белгиланган давлат нормалари, қоидалари ва тартиб-таомилларини ҳисобга олган ҳолда авиация хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш доирасида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) стандартлари ва тавсияларини бажаришда стандартлаштирилган ёндашув мақсадида томонларнинг авиация хавфсизлиги бўйича норматив ҳужжатларини уйғунлаштириш чораларини кўриш;
- Қўшни Марказий Осиё мамлакатларини (Озарбайжон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон) жалб эткан холда Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси авиация маъмуриятлари ўртасида авиация хавфсизлиги масалалари бўйича икки томонлама маслаҳатлашувлар, семинарларни амалий амалга ошириш соҳасида кўп қиррали фаол ишларни амалга ошириш;
- Олмаота шаҳридаги авиация хавфсизлиги бўйича ИКАО ўқув маркази негизида авиация хавфсизлиги масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси ходимларини тайёрлашни давом эттириш, халқаро тоифадаги сертификатларни (ИКАО) олиш.
Икки томонлама учрашув якуний натижаси бўйича “Қозоғистон авиация маъмурияти” АЖ делегацияси “Ўзавиация”агентлиги, “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Uzbekistan Airwаys” АЖ раҳбариятига самимий қабул ва самарали ҳамкорлик учун ўз миннатдорчилигини билдирди.