“Ўзавиация” агентлиги директори Тохир Назаров Халқаро фуқаро авиацияси Ташкилоти (ИКАО) Бош котиби билан учрашув ўтказди

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни ИКАО Ассамблеясининг навбатдаги сессияси доирасида “Ўзавиация” агентлиги директори Тохир Назаров ИКАО Бош котиби Хуан Карлос Салазар ҳамда Европа ва Шимолий Атлантика Бюроси директори Николас Ралло билан учрашув ўтказди.

Учрашувда ИКАО Бош котиби Хуан Карлос Салазар Ўзбекистон Ҳукумати томонидан фуқаро авиациясининг ривожланиши йўлида  амалга оширилаётган сайи ҳаракатларни алоҳида таъкидлади. Сайи ҳаракатлар мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида ҳаво транспортининг ўрни, Ўзбекистоннинг USOAP/USAP аудитларининг мувафақиятли ўтгани буни аниқ намоён этмоқда деб таъкидланди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистонда фуқаро авиациясини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилдилар, жумладан:

- ИКАО стандартлари ва тавсия этилган амалиёти (SARPs) бажарилишининг жорий ҳолати;

- авиация инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича устувор ташаббуслар;

- ИКАОнинг Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган келгуси аудитларига (ICVM ва USOAP) тайёргарлик жараёнлари.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва ИКАО ўртасида имзоланган 2024–2026 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистон Республикасида парвозлар хавфсизлиги даражасини ошириш бўйича Стратегик ҳаракатлар режаси” (COSPA) ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

“Ўзавиация” агентлиги директори Т.А. Назаров Ўзбекистон фуқаро авиациясини институтционал ривожлантириш, ҳусусан, ИКАОнинг халқаро дастурлари доирасида экспертлик ва техник ёрдам кўрсатиш масаласидаги қўллаб-қувватлаши учун ИКАОга самимий миннатдорчилик билдирди. ИКАО Бош котиби Хуан Карлос Салазар Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси соҳасида ислоҳотларни амалга оширишда ИКАО билан ҳамкорлик янада ривожланишига умид билдирди.