ИКAО стандартларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш бўйича Халқаро симпозиум (GISS2024)
Ўзавиация агентлиги директори Тоҳир Назаров 2024-йил 30-апрелдан 2-майга қадар Доминикана Республикасининг Пунта-Кана шаҳрида бўлиб ўтаётган ИКAОнинг асосий тадбири ИКAО стандартларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро симпозиумда (GISS2024) иштирок этмоқда.
Симпозиум авиация салоҳиятини оптималлаштириш, хавфсиз осмон ва барқарор келажак стратегияси, хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилган ҳолда йўловчилар ташишнинг юқори даражасини таъминлашга қодир бўлган аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш масалаларида шунингдек, 2050 йилгача авиацияни карбонсизлантириш мақсадига эришиш йўлида авиация саноати ва молия институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.
Симпозиум доирасида “Ўзавиация” агентлиги директори халқаро авиация стандартларини самарали жорий этиш бўйича халқаро, минтақавий ва глобал стратегияларга бағишланган давра суҳбатида иштирок этди. Давра суҳбатида халқаро фуқаро авиациясини ривожлантириш ва барқарорлигини таъминлаш, авиация ходимларининг малакасини ошириш бўйича ИКAО харакатларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Қатар, Қозоғистон, Бангладеш ва бошқа давлатлар авиация маъмуриятлари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган учрашувлар ўтказилди.
Бундан ташқари, Т.Назаров GISS2024 доирасида ИКAО Бош котиби Хуан Карлос Салазар ва ИКАОнинг Минтақавий бюроси директори Николас Ралло билан учрашув ўтказди. Учрашувда ИКAО ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболли режалари муҳокама қилинди. Бош котиб Ўзбекистон Ҳукумати ва Транспорт вазирлигининг фуқаро авиациясини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини ва ИКAО билан ҳамкорлигини юқори баҳолади.