Бухоро аэропортида Россия фуқаросидан мусодара қилинган квадрокоптер ҳолати ҳақида
Россия Федерацияси фуқароси М.В.Лимар учувчисиз учиш аппаратларларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва улардан фойдаланиш қоидаларини нотўғри талқин қилган.
Унинг айтишича, “Мамлакат қонунчилигида квадрокоптерлар 250 граммдан ортиғи мажбурий рўйхатга олиниши шарт. Бироқ, саёҳатчининг техникаси атиги 249 гр. (бу ишлаб чиқарувчи томонидан дроннинг ўзида чоп этилган хусусиятлар билан тасдиқланади)”.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигининг маълум қилишича, учувчисиз учиш аппаратнинг оғирлиги 250 гр. дан ошмаган ҳолда, қурилма фото ва видео ускуналар билан жиҳозланган бўлса, уни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва ундан фойдаланиш учун рухсат талаб этилмайдиган учувчисиз учиш аппаратлари қаторидан чиқаради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 31 августдаги 287-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси фуқаролик ва давлат авиациясида учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги» Низомга асосан, ўйинчоқ модел деганда, автоном парвозни бошқариш ва навигация функциясига эга бўлмаган, фото ва видео жиҳозлар билан жиҳозланмаган, вазни 250 граммдан ошмайдиган учувчисиз учиш аппарати тушунилади.
Чет эллик сайёҳлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан талаб ортиб бораётганлиги муносабати билан ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги 322-сон қарорига 2018 йилда тегишли ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик салоҳияти тўғрисидаги фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун учувчисиз учиш қурилмаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кириш ва улардан фойдаланишга рухсат беришнинг соддалаштирилган тартибини назарда тутади.
Шунингдек хорижий ижодий гуруҳларга Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» миллий агентлигининг илтимосномалари асосида ҳам рухсат бериш инобатга олинади.
Бундай рухсатномаларни беришнинг соддалаштирилган тартиби, хорижий фуқаро юқорида кўрсатган вазирлик ёки идоралардан бирига ёки Ўзавиация агентлигининг https://bla.uzcaa.uz/ электрон платформаси орқали расмий мурожаатини учувчисиз учиш аппаратларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун рухсат олишини кўзда тутади.